Ўзбекистон пахта толасига дунё харидор
Тошкентда 15 октябрь куни XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилди. Унда дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатидан пахта бизнеси ва йирик тўқимачилик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар иштирок этмоқда. ЎзА мухбирлари улар билан суҳбатда бўлди.
Тошкентда 15 октябрь куни XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилди. Унда дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатидан пахта бизнеси ва йирик тўқимачилик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар иштирок этмоқда. ЎзА мухбирлари улар билан суҳбатда бўлди.Петер Шаффлутзел, “Swiss Capital International Group” компанияси бош директори (Швейцария):
– Биз Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида бир неча йилдан буён иштирок этиб келяпмиз. Бу ерда саноатчилар ва ишбилармонларнинг музокара олиб бориши ва шартномалар тузиши учун барча шароит яратилган.
Компаниямиз Ўзбекистонда кўплаб жабҳаларда, жумладан, тўқимачилик соҳасида ҳам қатор сармоявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, “Uztex”, “Uztex Tоshkent”, “Uztex Shovot”, “Shovot Tekstil”, “Uztex Chirchiq”, “Eurotex” каби корхоналар ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунасидир.
Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда бизнес юритиш, қулай сармоявий муҳит яратиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу боис Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш, мамлакатингиз ишбилармонлари билан биргаликда яна кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.
Гопалакришнан РАГУ, “Texcoms Worldwide” компанияси вакили (Сингапур):
– Сингапурда Ўзбекистонни иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, инвестиция киритиш учун истиқболли мамлакат сифатида билишади. Мамлакатингиз нафақат пахта етиштирувчи, балки уни қайта ишловчи, саноати ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгалламоқда. Ярмаркада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспозицияси ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани бунинг ёрқин далилидир.
Компаниямиз тўқимачилик соҳасида техникавий консалтинг хизмати кўрсатиш билан шуғулланади. Ярмарка доирасида Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилаётганимиздан мамнунмиз.
Кристофэ Бриолин, “Exuinoxe” компанияси президенти (Франция):
– Ўзбекистоннинг пахта ва тўқимачилик саноати улкан салоҳиятга эга. Ярмаркада намойиш этилаётган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўплаб турдаги тўқимачилик маҳсулотлари мамлакатингизда енгил саноат ривожланганидан далолат беради.
Бу жараёнда мода ва дизайн соҳаси ҳам изчил равнақ топмоқда, тадбиркорлар, модельерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Биз ҳам мамлакатингиздаги “Ideal” масъулияти чекланган жамияти билан янги моделлар дизайнини яратиш борасида ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Юртингиз ишбилармонлари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Абул Калам Азад, “Damodar Menon International” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича маркетинг менежери (Ҳиндистон):
– Пахта ва тўқимачилик саноатида катта нуфузга эга Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни тобора мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Мамлакатингизда ўтказилаётган мазкур ярмарка пахта етказиб берувчилар ва харидорларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, жаҳон тўқимачилик саноатини ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Бундан аввал Ўзбекистонда 1997 йилда бўлган эдим. Ўтган даврда мамлакатингиз жудаям ўзгариб, ҳар томонлама ривожланганини кўриб турибмиз. Тошкент шаҳрининг кўркига кўрк қўшилиб, янада гўзаллашибди. Муҳташам иншоотлар, кўчаларни тўлдирган замонавий ўзбек автомобиллари мамлакатингиз тараққиёти, халқингиз фаровонлиги ошиб бораётганининг ўзига хос ифодасидир.
Масуд Рана, “Asia Composite Mills”, “Asia Fibre Industries”, “RMT Textile Mills” компаниялари бошқарувчи директори (Бангладеш):
– Компанияларимиз ип калава ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларда туради. Ўзбекистонда толаси пишиқ, юксак сифатли, саноатбоп пахта етиштирилади. Шу боис тўқимачилик саноати ривожланган барча давлатлар мамлакатингиз билан фаол ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Биз ҳам доим Ўзбекистон пахта толасини сотиб оламиз. Бу йил ҳам мамлакатингиздан қарийб 10 минг тонна пахта сотиб олишни режалаштирганмиз.
Мамлакат раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон юксак иқтисодий кўрсаткичларга эришиб, дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Ўзбекистонда фаол ва муваффақиятли бизнес юритиш учун яратилган қулай ишбилармонлик ва сармоя муҳити бошқа мамлакатлар қатори бангладешлик тадбиркорларнинг ҳам ҳамкорликка қизиқишини кучайтирмоқда.