Зарарли чигирткаларга қарши долзарб кураш давом этмоқда
Қибрай туманида зарарли чигирткага қарши кураш тадбирларини самарали олиб бориш мавзусига бағишланган дала семинари ўтказилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда амалий тадбир ташкил этилди. Унда мутахассислар иштирокчиларга зараркунандаларга қарши курашишда кимёвий ишловларни ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамияти, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва юқори самарадор препаратлардан фойдаланиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.


Шунингдек, дала семинари давомида зарарли чигирткалар тарқалган ҳудудлар аниқланган ҳолларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тушунтирилди. Қайд этилишича, жорий йилда Тошкент вилоятида 27 минг гектардан ортиқ майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган. Амалда эса зараркунандалар 26 минг 485 гектар ҳудудда аниқланган.
Маълум қилинишича, ҳудудларда курашиш тадбирлари апрель ойининг илк кунларидан бошлаб тизимли равишда олиб борилмоқда.


– Шу кунгача ўтказган кузатувларимизда Бўстонлиқ, Қибрай, Пискент, Бўка, Бекобод туманлари ва Қўшни Қозоғистон билан чегарадош бошқа ҳудудларда зарарли чигирткаларнинг эрта баҳорда кўпайиш хавфи мавжуд бўлган майдонлар борлиги маълум бўлди, – дейди Тошкент вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати Алибек Багишбеков. – Ҳозиргача Бўстонлиқ ва Қибрай туманларидаги адирларда кимёвий ишловлар бериляпти. Мақсадимиз Тошкент вилоятининг табиатига салбий таъсир берилишининг олдини олишдир. Бу саъй-ҳаракатлар ҳар куни мониторинг қилиб борилади. Бугунги семинарда шу бўйича амалий вазифаларнинг аҳамиятини кўрсатиб бердик. Ишонаманки, бу чора-тадбирлар ўз самарасини беради.


Қарши кураш тадбирларини самарали олиб бориш учун махсус отрядлар ташкил этилиб, уларга пуркагичли махсус автомашиналар, трактор (ОВХ,ВП-1) пуркагичлар, моторли қўл пуркагичлар бириктирилди. Бундан ташқари, жойлардаги ишчи-ходим ишловларга жалб қилинган.
Бугунги кунда Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари томонидан зарарли чигирткаларни ўчоқларини аниқлаш бўйича доимий кузатув-назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудларда деҳқонлар ва чорвадорларга амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти тушунтириляпти.


А.Мусаев,ЎзА.