Занжирсарой ёдгорлиги: археологик қазишмалар, сарой девори қолдиқлари бўй кўрсатмоқда
Қашқадарё воҳасида асрлар давомида тупроқ остида жим ётган тарих яна тилга кирмоқда. Муборак туманидаги Занжирсарой археологик ёдгорлигида қарийб 30 йиллик танаффусдан сўнг қайта бошланган қазишма ишлари давомида саройнинг деворлари, кириш коридори ва марказий қисмига оид муҳим меъморий қолдиқлар аниқланди.
Кўҳнашаҳар маҳалласидан 2 километр ғарбда жойлашган Занжирсарой – ҳар томони 400 метрдан иборат, қарийб 16 гектар майдонни эгаллаган улкан қалъа. Тўрт томонида дарвозалари бўлган қўрғон марказида эса бир вақтлар Чиғатой улусининг муҳим сиёсий марказларидан бири бўлган сарой қад ростлаган.
– Занжирсарой XIII асрнинг 30-йилларида Чиғатой улусининг охирги хонларидан бири Қозонхон султон томонидан қурдирилган. 1370 йилдан кейин Амир Темур қўл остига ўтиб, темурийларнинг муҳим қароргоҳларидан бирига айланган, – дейди Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарихчи олим, профессор, экспедиция раҳбари Абдусабур Раимқулов.
Мутахассисларнинг айтишича, 1993-1995 йилларда ёдгорликда дастлабки қазишма ишлари олиб борилиб, саройнинг муайян қисми очилган. Бироқ маблағ етишмаслиги туфайли тадқиқотлар тўхтаб қолган. Орадан ўттиз йилдан зиёд вақт ўтиб, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан археологик ишлар яна тикланди.
[gallery-31617]
Бу галги тадқиқотлар натижаси эса анча қизиқарли.
– Дастлаб 16 метрлик траншея очдик. У саройнинг коридор қисмига тўғри келиб қолгани учун девор аниқланмади. Кейин майдонни кенгайтирганимизда сарой деворининг бош қисми очилди. Ғарбий қисмдан марказга олиб борувчи коридор, равоқсимон токчалар, шимолий ва жанубий хоналарга олиб ўтувчи эшиклар ҳамда марказий гумбазнинг тагкурсиси аниқланди, – дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Дилмурод Омонов.
Қазишмалар жараёнида аниқланган деворлар пишиқ ғиштдан бунёд этилган. Мутахассислар ғиштларнинг мустаҳкамлиги ва уларни бириктиришда ишлатилган қоришманинг таркиби ҳам ўша давр меъморларининг юқори маҳоратидан далолат беришини таъкидламоқда.
– Коридорга кириш қисмида бир метрдан 1,2 метргача сақланган пишиқ ғишт деворлар бор. Ғиштлар 24 сантиметр квадрат ўлчамда, қалинлиги 5 сантиметр. Уларни бириктиришда дарё қуми, оҳак ва махсус қотишмалар асосида тайёрланган қоришмадан фойдаланилган, – дейди институт илмий ходими Нурмуҳаммад Жўраев.
Тарихий манбаларда Занжирсарой Қозонхон даврида муҳим сиёсий-стратегик марказ бўлгани, кейинчалик Амир Темур юришлари олдидан қўшинлар тўпланадиган қароргоҳ вазифасини бажаргани ҳақида маълумотлар учрайди. 1387 йилда Тўхтамишхоннинг Мовароуннаҳрга юриши чоғида сарой вайрон қилинган ва шундан кейин қайта тикланмаган.
Энди эса археологлар унинг ҳали ер остида қолган қисмларини очишга ҳаракат қилмоқда.
Қизиғи, замонавий технологиялар ҳам бу жараёнга жалб этилмоқда. Ёдгорликда георадар тадқиқотлари ўтказилди, кейинчалик дронлар ёрдамида унинг умумий макети ва рақамли 3D модели яратилиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қазишма ишлари келгуси йилларда ҳам давом эттирилиб, саройнинг қолган қисми тўлиқ очилса, бу ерда очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш имконияти пайдо бўлади.
Шундай қилиб, бир пайтлар сиёсий қарорлар қабул қилинган, ҳукмдорлар ва қўшинлар тўпланган Занжирсарой бугун яна тарихчилар эътиборида. Фақат бу сафар саройга ҳукмдорлар эмас, археологлар кириб бормоқда – тупроқ қатламлари орасидан асрлар олдинги ҳаёт изларини излаб.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари