Зангори ёқилғи – қонундан ташқари эмас
Табиий газ – оддий истеъмол неъмати эмас. Унинг ортида улкан инфратузилма, минглаб километр газ тармоқлари, катта маблағ ва энг муҳими, юртдошларимиз хонадонларининг осойишталиги ва хавфсизлиги мужассам. Шу боис “зангори ёқилғи”дан фойдаланишда белгиланган тартибларга риоя қилиш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масъулият ҳамдир.
Бугун юртимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларнинг ноқонуний сарфланишига йўл қўймаслик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминот тизимида шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан коммунал ва энергетика соҳаларида ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ноқонуний ҳолатларни барвақт аниқлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шу талаб ва ёндашувлардан келиб чиқиб, Бухоро вилоятида ҳам табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари томонидан ҳудудларда ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида ана шундай ҳолатларнинг бири Бухоро шаҳрида аниқланди.
Шаҳарнинг Намозгоҳ кўчасида яшовчи фуқаро М.А.нинг хонадони табиий газ истеъмоли бўйича кўрикдан ўтказилганда, истеъмолчи таъминотчи корхона билан белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирмасдан, табиий газ тармоғига ноқонуний улангани маълум бўлди.
Яъни, хонадонга етказиб берилаётган газдан фойдаланиш учун зарур расмий тартиблар четлаб ўтилган. Ўтказилган қайта ҳисоб-китоб натижаси эса масаланинг қанчалик жиддий эканини кўрсатди: таъминот корхонасига 69 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Бу шунчаки ҳисоб-китобдаги рақам эмас. Бу қонун-қоидаларга риоя қилинмаслиги оқибатида вужудга келадиган иқтисодий зарарнинг аниқ ифодасидир.
Бухоро туманида аниқланган ҳолат эса яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Кўчкумар маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Ш.нинг хонадони текширилганда, у электрон газ ҳисоблаш ускунасисиз табиий газдан фойдаланиб келаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, қайта ҳисоб-китоб қилинган. Натижада 74,1 миллион сўм миқдорида маблағ ҳисобланган. Икки ҳолатнинг ўзида қайта ҳисобланган зарар миқдори 143,1 миллион сўмга етмоқда.
Бир қарашда бу рақамлар шунчаки статистикадек туюлиши мумкин. Аммо унинг замирида жамият манфаати, ресурсларнинг қадри ва қонунийликка бўлган муносабат масаласи бор.
Табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ёки ҳисобга олиш воситаларисиз ундан фойдаланиш, аввало, қонун талабларига зид. Бундай ҳолатлар таъминот тизимида мувозанат бузилиши, ресурсларнинг назоратсиз сарфланиши ва ҳалол истеъмолчилар манфаатларига зарар етишига олиб келиши мумкин.
Энг ачинарлиси, баъзан айрим фуқаролар ноқонуний уланиш ёки ҳисоблагичга аралашишни “газдан бироз тежаб қолиш” сифатида қабул қилади. Аслида эса бу ҳаракатнинг оқибати бир неча баробар оғир бўлиши мумкин. Юқоридаги мисоллар бунинг яққол далилидир.
Шунинг учун ҳар бир хонадон эгаси табиий газдан фойдаланишда шартнома, ҳисоблагич, техник талаблар ва ҳисоб-китоб тартибига қатъий амал қилиши зарур. Бу нафақат жарима ёки қайта ҳисоб-китобдан сақланиш, балки ўз оиласи хавфсизлиги, қўшнилар осойишталиги ва жамият манфаатини ҳимоя қилиш демакдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири