Замонавий тиббиёт маскани очилди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртимиз бўйлаб эзгу қадриятлар, инсон шаъни ва хотираси улуғланаётган шу файзли кунларда Жиззах вилоятининг олис ҳудудларидан бири — Бахмал туманидаги Маданият маҳалласи аҳли учун яна бир қувончли воқеа юз берди. Маҳаллада янги замонавий тиббиёт маскани фойдаланишга топширилди.
Ушбу қутлуғ туҳфа, айниқса, чекка ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун катта қулайлик ва беқиёс ғамхўрлик намунаси бўлди. Энди фуқаролар тиббий хизматдан фойдаланиш учун узоқ манзилларни босиб ўтишга эҳтиёж сезмайди.

Барча замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур тиббиёт маскани бир вақтнинг ўзида 50 нафаргача фуқарога хизмат кўрсатиш қувватига эга. Муассаса илғор тиббий ускуналар, зарур жиҳозлар ва қулай шарт-шароитлар билан таъминланган бўлиб, бу ерда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча имкониятлар муҳайё этилган.

Энг муҳими, мазкур тиббиёт масканининг ишга туширилиши инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизматлар қамровини янада кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА