Замонавий таълим ва илмий салоҳият
Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳалари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси бугун ҳудудларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ана шундай муҳим масканлардан бири Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалидир. Мазкур филиал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 926-сонли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, ҳудудда ветеринария ва чорвачилик соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган таълим муассасаси сифатида фаолият бошлаган.
2022 йил 31 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши билан мазкур филиал Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали сифатида қайта ташкил этилди.
[gallery-28797]
Бугунги кунда филиалда 60 нафарга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Уларнинг 50,8 фоизи илмий даражага эга. Жумладан, 4 нафар фан доктори, 4 нафар фан номзоди ҳамда 22 нафар фалсафа доктори (PhD) таълим ва илмий жараёнларда фаол иштирок этмоқда.
Филиал таркибида 1 та факультет ва 4 та кафедра фаолият юритади. Ҳозирги кунда 16 та таълим йўналиши бўйича 1000 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида 67 нафар магистрант ва 17 нафар докторант бўлиб, бу кўрсаткичлар илмий муҳит барқарор ривожланаётганини кўрсатади.
Филиалда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил ривожланмоқда. Шу билан бирга, филиалда замонавий моддий-техник база яратилган. Хусусан, Осиё тараққиёт банки кўмагида 2023–2024 йилларда 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2 та замонавий биологик лаборатория ташкил этилди ва энг илғор асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу эса талабалар ва тадқиқотчилар учун амалий тажрибалар ўтказиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Бугунги кунда мазкур филиал ҳудудда замонавий таълим ва илмий тадқиқотларни уйғунлаштирган, халқаро ҳамкорликка таянган барқарор ривожланаётган таълим масканларидан бири сифатида фаолият олиб бормоқда.
Филиалда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим жараёнини замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги қарори асосида, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ислом тараққиёт банки” ҳамкорлиги доирасида 2023 йилда филиалга “Биология” ўқув лабораторияси учун 22 та номдаги замонавий асбоб-ускуна олиб келинди. Мазкур жиҳозлар таълим сифатини ошириш, талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, 2023 йилда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида барқарор иқтисодий ривожланиш” лойиҳаси доирасида филиалга лаборатория мебель жиҳозлари ва асбоб-ускуналар етказиб берилди. Бу эса ўқув жараёнини янада самарали ташкил этиш имкониятини кенгайтирди.
Айни пайтда филиалда алоҳида илмий лаборатория мавжуд бўлмаса-да, ўқув-амалий жараёнларни таъминлаш мақсадида замонавий “Ўқув-тажриба ветеринария клиникаси” фаолият юритмоқда. Ушбу клиника жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун муҳим амалий база вазифасини бажармоқда.
Бундан ташқари, клиникада қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида ҳомиладорликни аниқлаш учун “Sunbright 808-F” русумли портатив ультратовуш (УЗИ) аппарати, сут таркибини таҳлил қилиш учун “Master Eco Milk” қурилмаси, шунингдек, экстерер кўрсаткичларини аниқлашда қўлланиладиган жиҳозлар мавжуд. Мазкур жиҳозлар талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Умуман олганда, филиалда яратилаётган моддий-техник шароитлар таълим ва илмий фаолиятни замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.