Замонавий санъатнинг халқаро мулоқот майдони
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси халқимизга юртимиз ва жаҳон тасвирий санъатида кечаётган фаол ижодий жараёнлар билан яқиндан танишиш имконини бермоқда. Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида ўз ишини бошлаган XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида ҳам бу жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, қатор вазирлик ва идоралар ҳамда муассасалар ҳамкорлигида мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур биеннале пойтахтимизни жаҳон замонавий санъатининг муҳим марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Биенналеда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан якка тартибдаги муаллифлар ва ижодий жамоалар замонавий тасвирий санъатнинг бир қатор илғор йўналишлари бўйича таклиф этилди. Улар орасида рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, инсталляция, видеоарт, фотоарт ва концептуал санъат каби йўналишлар бор.
– Мамлакатимизда замонавий санъат биенналеларини ўтказиш яхши анъанага айланган, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов. – Ушбу халқаро лойиҳа миллий тасвирий санъатимизни дунёга танитиш билан бирга, мамлакатимиздаги ижодий жараёнларни жаҳон тасвирий санъати билан кенгроқ таққослаш имконини беради.
Биеннале доирасида, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларидан замонавий санъат соҳасида фаолият юритаётган олимлар иштирокида «Воқеалар горизонти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтади.
Биеннале Ўзбекистоннинг миллий мероси ва замонавий рассомлар ижодини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шунингдек, замонавий санъатни ривожлантиришга қаратилган йирик халқаро тадбирлардан биридир. Шу боис ушбу санъат анжуманига юртимизда ҳам, хорижда ҳам қизиқиш катта.
[gallery-31889]
Бош мавзуси «Воқеалар горизонти» деб номланган XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида бу йил 33 мамлакатдан 70 нафар рассом ва куратор ўз асарлари билан иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, санъат ихлосмандлари ва пойтахтимизга ташриф буюрган меҳмонлар биеннале давомида юртимизнинг 40 нафар рассоми ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Биеннале дастури кўргазмалар ва турли тадбирларга бой. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар ижодкорлари иштирокида кураторлик лойиҳалари намойиш этилади, замонавий санъатнинг турли йўналишларига оид ижодий ишлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади.
Шунингдек, хорижлик рассомлар ва кураторлар маърузалар ўқийди, маҳорат дарслари ўтказади. Дастурдан Самарқанд ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ҳам ўрин олган.
Биеннале доирасидаги кўргазмалар Ўзбекистон Бадиий академиясининг «Академия» галереяси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ташкил этилади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА