Замонавий ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди
Навоий саноатни ривожлантириш мажмуаси махсус саноат парки ҳудудида “UNIGROUP NAVOIY” ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилиб, фаолият бошлади.
Ушбу муҳим тадбирда Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация ҳамда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этди.

Қисқа муддат – атиги 10 ой ичида қуриб битказилган корхонада косметика ва уй парвариши маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилди.
Мазкур корхона Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали саноат кооперациясининг ёрқин намунаси бўлиб, замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида ташкил этилган.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 85 миллион дона маҳсулотни ташкил этади. Айниқса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 75 фоизи экспортга йўналтирилиши режалаштирилгани унинг ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош бўлишини кўрсатади.
Лойиҳа доирасида 115 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.

Тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг, корхонанинг йиллик айланмаси 4,5 миллиард рублга етиши кутилмоқда. Бу эса нафақат ҳудуд, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам салмоқли ҳисса бўлиб хизмат қилади.
Навоий вилоятида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари саноатни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА