Замонавий графикага бағишланган кўргазма
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Николай ва Эвгений Пакларнинг "Монография" номли графика кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон замонавий графикаси узоқ давом этган турғунликдан сўнг ниҳоят юксалиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Жумладан, дастгоҳли ва босма графика соҳаларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда, бу ўз навбатида ёш рассомларнинг ижодига ижобий таъсир этмоқда.

Умумий ҳисобда графикага бағишланган кўргазмаларнинг сони кескин ошгани ҳам ривожланишдан дарак беради. Тадбирда қайд этилганидек, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ташкил этилаётган кўргазмалар миллий графиканинг қайта тикланиш жараёнига маълум даражада ҳисса қўшиб келмоқда.

Кўргазмада сўнгги 10 йил ичида ота-бола график рассомлар томонидан яратилган асарлар намойиш этилган. Уларнинг ҳар бири босма графика турига ўзига хос равишда ёндашар экан, индивидуал тарзда монотипия имкониятларини очиб беришга ҳаракат қилади. Кўргазмада намойиш этилган 50 га яқин график асарларнинг аксарият қисми Николай Пакнинг шахсий тўпламидан олинган бўлиб, XX aср охири ва XXI аср бошида Ўзбекистонда яшаган график рассомларнинг ижодидан иборат. Кўргазма жорий йилнинг 7 июнигача давом этади.

Гулноза Бобоева, ЎзА