Замонавий бино ва техникалар
Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси таркибидаги Сирдарё туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг икки қаватли маъмурий биноси мукаммал таъмирлаш ишларидан сўнг фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа доирасида бино замонавий талабларга мос равишда тўлиқ таъмирланиб, ички муҳандислик тизимлари янгиланди, хизмат хоналари қайта жиҳозланди ҳамда шахсий таркиб учун қулай ва самарали иш шароитлари яратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 412 миллион 353 минг сўмни ташкил этди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сирдарё қурилиш савдо” МЧЖ қурувчилари томонидан сифатли амалга оширилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Санжар Зупаров, Сирдарё вилоят ФВБ раҳбарияти, шахсий таркиб, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида ФВВ тизими шахсий таркиби учун замонавий ёнғин-қутқарув техникаси, махсус ускуналар ҳамда хизмат автомобиллари тантанали равишда топширилди.

Яратилган бу шароитлар фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш имкониятларини кенгайтириб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва қутқарув ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

– Янги бино замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда яратилган шароитлар — хизмат хоналарининг қулай жойлашуви, замонавий алоқа ва техник имкониятлар, шунингдек, шахсий таркиб учун яратилган маиший шароитлар ходимларимизнинг тезкор ва самарали фаолият юритишига кенг имконият яратади, – дейди Сирдарё вилоят ФВБ бўлим бошлиғи, майор Ғайрат Абдураҳмонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири