Зафар илҳоми
Мамлакатимизда ёшларга меҳр ва эътибор бугун янгича маъно-мазмун билан бойиди. Янги Ўзбекистон ёшлари бундай ғамхўрликка ўз ютуқлари билан жавоб бермоқда. Шу азиз Ватанга муносиблик масъулияти ёшларимизнинг фан, спорт, бадиий ижод, илм-фан соҳаларидаги ютуқларида яққол намоён бўлмоқда.
Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоровнинг навбатдаги тарихий ютуғи — Кипрда ўтаётган Номзодлар турниридаги (FIDE Candidates Tournament 2026) ғалабаси бунинг яна бир исботидир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, атоқли ижодкор Қўчқор Норқобилнинг янги шеъри Жавоҳирнинг ушбу ютуғидан олган илҳомининг намунасидир.
Ният
Жавоҳир СИНДАРОВГА бағишлайман!
Ер шарининг учдан бир қисми
Турганида Бобом қўлида.
Не бир шоҳлар қалтираб жисми
Бош эгдилар унинг йўлида!
Шахматда ҳам Шоҳ эди Темур,
Кетган омад қайтмоғи ҳам бор...
Жаҳон тожин бошингга Юртим
Кийгизади Жавоҳир Синдар!
Олам, тинч бўл! Олам, тургин тик!
Тўхтамасин заковат жанги...
Даҳоликка даъвогар ўзбек
Ўзгартирар дунёнинг рангин.
Курашади оқ-қора очун,
Ўнгу сўлда учар адоват.
Икки рангга бўлиниб нечун
Гул баргида титрайди ҳаёт?!
...Дилга тушди чақмоқлар шаҳди,
Уйғонмоқда улуғлар ёди!
Дунё, йўл бер! Ғалаба аҳди
От сурмоқда Темур авлоди.
Олам қотди вақт уммонида:
“Бу Ўғлонни тўхтатар қай зот?!”
Аждодларим унинг қонида
Зафар ўтин ёқмоқдалар шод!
Ҳаёт — шахмат! Йўли оқ-қора!
Гоҳо титрар ҳовучда жоним...
Парвардигор, шу йўллар аро
Ғолиб ўтсин Ўзбекистоним!
Қўчқор НОРҚОБИЛ