Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди
Янги Ўзбекистонда ёшларни илм-фанга жалб этиш, уларнинг муҳандислик салоҳиятини юксалтириш, халқаро майдонда муносиб рақобат қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан олий таълим, инновация, рақамли технологиялар ва робототехника соҳаларига қаратилаётган юксак эътибор ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бугун ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг энг нуфузли майдонларида Ватан байроғини баланд кўтариб, мамлакатимиз илмий салоҳиятини муносиб намоён этишмоқда.
Ана шундай юксак ютуқлардан бири Хитой Халқ Республикасининг Хайнан провинцияси, Саня шаҳрида ўтказилган нуфузли World Robot Summit (WRS) халқаро робототехника чемпионатида қайд этилди. Мазкур мусобақада Бухоро давлат техника университети талабалари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Ушбу халқаро чемпионатда қатнашиш имконияти ҳар бир жамоага насиб этавермайди. Йўлланмалар мамлакатимизда “Муҳандислик ойлиги” доирасида ташкил этилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ҳамда “First Robotics Uzbekistan” мусобақасида юқори натижаларни қўлга киритган энг кучли олий таълим муассасаларига тақдим этилди. Бу эса бухоролик ёш муҳандисларнинг билим, маҳорат ва ижодий салоҳияти юқори баҳоланганининг яна бир исботидир.

Мусобақа якунига кўра, Бухоро давлат техника университети талабалари иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси “Runner Up” йўналишида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳиби бўлди. Бу нафақат университет, балки бутун мамлакатимиз таълим тизими учун улкан ютуқ сифатида эътироф этилмоқда.
Бундан ташқари, жамоа FIRST Tech Challenge (FTC) China Offseason Event халқаро мусобақасида “Энг фаол ва намунали жамоа” номинацияси ғолиби деб топилди. Бу эътироф жамоанинг нафақат техник билим ва муҳандислик ечимлари, балки интизом, жамоавий ҳамжиҳатлик, ташаббускорлик ҳамда халқаро ҳамкорлик маданияти юксак даражада эканини ҳам кўрсатди.

Эришилган ушбу натижалар Бухоро давлат техника университетида робототехника, муҳандислик, рақамли технологиялар ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Университетда яратилаётган замонавий лабораториялар, амалий лойиҳалар, стартап экотизими ҳамда халқаро ҳамкорлик дастурлари талабаларнинг билим ва кўникмаларини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу каби муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни, муҳандислик йўналишлари, робототехника, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни чуқур ўзлаштириши Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Шу мақсадда муҳандислик таълими сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Бухоролик ёшларнинг Хитойда қўлга киритган ушбу муваффақияти ана шу эзгу сиёсатнинг ёрқин самарасидир. Улар ўз билимлари, меҳнати ва иқтидори билан нафақат университет, балки бутун Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишди.
Шубҳасиз, бугун робот ясаган ёшлар эртанги Янги Ўзбекистоннинг саноати, инновацияси ва рақамли иқтисодиётини барпо этадиган муҳандислардир. Бухоро давлат техника университети талабаларининг мазкур тарихий ютуғи минглаб ёшлар учун илҳом манбаи, илм-фанга интилиш ва буюк мақсадлар сари дадил қадам ташлашга ундайдиган ёрқин намуна бўлиб қолади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири