Юрт тинчлиги ва ҳарбий салоҳиятимиз мустаҳкамлиги йўлидаги ислоҳотлар
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда тарихий хотирани улуғлаш: ислоҳотлар ва устувор вазифалар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда мамлакат ҳарбий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қуролли Кучларимизни замон талаблари асосида ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳамда соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида Қонунчилик палатаси томонидан олиб борилаётган қонун ижодкорлиги фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида ҳарбий соҳанинг стратегик ривожланишини белгилаб беришга қаратилган Мудофаа доктринаси, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида”ги каби қатор қонунлар қабул қилинди.

Шу асосида мамлакатимиз мудофааси ва хавфсизлиги, давлат чегаралари дахлсизлиги, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори, ҳуқуқий асоси яратилди.
Соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида парламентда яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилаётгани таъкидланди. Жумладан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизмат мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда давлатнинг мудофаа салоҳиятини янада оширишга қаратилган ҳужжат лойиҳалари Қонунчилик палатаси депутатлари ва соҳа вакиллари иштирокида маромига етказилаётгани айтилди.

Шу билан бирга, парламент назорати институти доирасида амалга оширилаётган ишлар мудофаа ва хавфсизлик соҳасида эришилган натижаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбирда “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмунига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур ҳужжат Иккинчи жаҳон уруши ҳамда мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида фидойилик кўрсатган юртдошларимиз хотирасини эъзозлаш, сафимизда умргузаронлик қилаётган кексалар, ҳарбий соҳа фахрийларига ҳурмат ва эътибор кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида соҳа фахрийлари ўзларининг кўп йиллик хизмат фаолияти, бой ҳаётий тажрибаси ҳамда Ватан ҳимояси йўлидаги машаққатли синовлар ҳақида гапириб берди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА