Юрт ҳимоячилари муносиб тақдирланмоқда
Пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар давлат музейи ҳовлисида қад кўтарган “Ватанга қасамёд” монументи халқимизнинг Ватан ҳимоячиларига чуқур ҳурмат-эҳтиромининг тимсоли ҳисобланади.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, йигитлик бурчини ўтаётган аскару офицерлар, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ота-оналар, пойтахтимиз меҳмонларини кўриш мумкин. Барча монумент пойига гулчамбарлар қўйиб, ўз ҳурматини изхор қилди.
“Ватанга қасамёд” монументи ёшларимизни она юртга меҳр-муҳаббат, садоқат, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳимоя қилиш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас ва шарафли бурчидир.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъуллари, офицер ва генераллар, сержант ва курсантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов сўзга чиқиб, бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолати эканини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, армияни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан тақдирланган ҳарбийларга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Улар орасида ҳарбий аёллар ҳам бор.
– Ўз касбимни жуда яхши кўраман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм маркази мутахассиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Ойдиной Убайдуллахўжаева. – Шу орқали жамиятда ўз ўрнимни топиб, Ватанимизга холис хизмат қилмоқдаман. Давлатимиз томонидан соҳада кўрсатаётган хизматларим юқори баҳоланиб, юксак мукофотга лойиқ кўрилганидан жуда миннатдорман. Бу эътироф мен каби ҳарбий соҳада фаолият юритаётган аёлларга катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам бор куч-ғайратим билан ҳарбий соҳада фаол хизмат қилишга ҳаракат қиламан.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан мамлакатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Жорий йилда ҳам Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Хусусан, шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Йиғилишда тизимда узоқ йиллар самарали хизмат кўрсатган фахрийларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, бир қатор офицерларга ҳарбий унвонлар берилди.