Юридик таълимни ривожлантиришда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилинади
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўртасидаги амалдаги ҳамкорлик алоқалари сарҳисоб қилиниб, юридик таълимни ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халқаро тажрибаларни ўқув жараёнига жорий этиш ҳамда малака ошириш йўналишларида истиқболдаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, юридик таълим сифатини ошириш, қўшма илмий-амалий тадбирлар, семинар ва тренингларни ташкил этиш, шунингдек халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА