Юқори кучланишли кабель ишлаб чиқаришда янги босқич бошланди
Бугунги кунда саноат тармоқларини модернизация қилиш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, электротехника соҳасида халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимизнинг саноат имкониятларини кенгайтириш билан бирга, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонасининг ишга туширилиши ушбу йўналишдаги амалий натижалардан биридир.
Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, тармоқ раҳбарлари, хорижий ҳамкорлар ҳамда инвесторлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа Беларусь компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 21 гектар майдонда ташкил этилаётган ишлаб чиқариш мажмуасининг умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа электротехника соҳасида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилган.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар нафақат саноат ҳажмини оширади, балки маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ҳам мустаҳкамлайди.
- Бугун электротехника саноатида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий ишлаб чиқариш маданиятини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. “Enco Group” корхонасининг ишга туширилиши соҳада янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, ички эҳтиёжни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, - деди Намоз Толипов.
Маълум қилинишича, корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 25 минг тоннагача юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, янги қувватлар ҳисобига 600 га яқин иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу босқичнинг ўзида йиллик экспорт ҳажмини 140 миллион АҚШ долларига етказиш имконияти мавжуд.
Умуман олганда, корхонанинг экспорт салоҳияти 300 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Германия, Латвия, Эстония, Болгария ҳамда МДҲ давлатлари бозорларига экспорт қилиш режалаштирилган. Бу эса маҳаллий саноат маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА