Юксак шараф ва масъулият рамзи
ИИВ Академиясида бўлиб ўтган қасамёд тадбирида вазирлик раҳбарияти, соҳа фахрийлари, турдош олий таълим муассасаларидан меҳмонлар, курсантларнинг ота-оналари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Тантанали маросимда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишни мақсад қилган навқирон йигит-қизлар ички ишлар органи ходимининг хизмат қасамёдини қабул қилдилар. Тантанали онт шарафли бурчни ҳалол бажариш, халқимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш, ҳар қандай синов ва машаққатларни матонат билан енгиш йўлида айтилган қатъий ишонч бўлиб янгради.

– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган. Сиз таълим олаётган ўқув даргоҳида замонавий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллашингиз учун барча имкониятлар яратилган. Ҳозирги мураккаб даврда ички ишлар органларида хизмат қилиш юксак касбий салоҳият, жанговар-жисмоний ва маънавий-руҳий тайёргарликни талаб этмоқда. Шундай экан, ички ишлар органларининг эртанги истиқболи Сизлар каби мард, ватанпарвар ва жасур фарзандларимизнинг ғайрат-шижоатига боғлиқ, – деди ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов.
Тантанали тадбирда ота-оналар ҳам сўз олиб, курсантларнинг давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигини шараф билан оқлашларига ишонч билдирдилар.
– Ички ишлар органи ходими бўлишни болалигимдан орзу қиламан. Мақсадимга эришиш йўлида астойдил ўқидим, спорт билан мунтазам шуғулландим. Ўтган йиллар мобайнида таэквондо WTF бўйича икки карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим. Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр ёшлари сафида турар эканман, касбий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллашга, халқаро ареналарда мамлакатимиз байроғини янада юқори кўтаришга ваъда бераман, – деди Динорахон Дониёрова.
Шу куни ўқишдаги ютуқлари ва ижобий фазилатлари билан тенгдошларига намуна кўрсатган бир гуруҳ курсантлар “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендия ҳамда ички ишлар вазирининг стипендияси билан тақдирланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати