Юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилди
Геология соҳаси ходимлари куни
Ҳар йили апрель ойининг биринчи якшанбаси мамлакатимизда геология соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади. Ушбу касб байрами муносабати билан Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, Тошкент вилоятидан бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари – орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Тошкент вилояти ҳокимлигида мазкур юксак мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, ҳокимлик мутасаддилари, соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимда вилоят раҳбари геология соҳасининг мамлакатимиз иқтисодий тараққиётидаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидларкан, соҳа вакилларининг ер ости бойликларини аниқлаш, янги кон ва хомашё захираларини излаб топиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда геологик тадқиқотларни ривожлантириш борасида амалга ошираётган фидокорона меҳнатини юксак баҳолади.

Хусусан, Президент фармонига асосан геология соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти Тошкент марказий геология-қидирув экспедицияси бурғилаш участкаси бурғиловчиси Раҳмонали Нуралиев, шунингдек, “Шуҳрат” медали билан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг “Автомобиль ва технологик транспорт” филиали оғир юк машинаси ҳайдовчиси Илҳом Заиров тақдирланди.


Маросимда мазкур мукофотлар ўз соҳибларига тантанали топширилди. Тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, мазкур эътироф уларни бундан буён ҳам юрт равнақи, соҳа тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида янада сидқидилдан меҳнат қилишга ундашини таъкидлади.
А. Мусаев, ЎзА.