Ёшликда берилган ишонч – келажакдаги ютуқлар рамзи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Зулфия номидаги Давлат мукофоти — ҳар бир қиз қалбидаги орзу, матонат ва ишонч рамзи. Бу мукофотга сазовор бўлиш истеъдод билан бирга ирода, меҳнат ва ватанга садоқатни талаб қилади. Ана шундай фазилатларни ўзида мужассам этган ёшлардан бири — Гулҳаё Қўшоқовадир.
1998 йилда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида туғилган Гулҳаё болалигидан изланувчанлиги ва тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Оддий қишлоқ мактабидан бошланган таълим йўли уни катта мақсадлар сари етаклади. Кейинчалик у Музработ туманидаги ихтисослаштирилган “Иқтидорли болалар” мактабида билим олди, бу ерда фанлар билан бирга интилиш, ўзида ишлаш ва ютуқ учун курашишни ҳам ўрганди.
Унинг қалбида адабиётга муҳаббат эрта уйғонди. “Ватанимни севиб яшайман”, “Ватаним остонаси” номли шеърий тўпламлари ёш ижодкорнинг юртга садоқат ва меҳр билан ёзилган сатрларидир. Гулҳаёнинг ютуқлари фақат қалам билан чекланмай, спорт ва таълим соҳасида ҳам намоён бўлади.
2022 йилда Термиз шаҳрида жамоат саломатлиги техникумида таҳсил олаётган даврида у Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ҳозирда Гулҳаё Тошкент Тиббиёт университети Термиз филиали тўртинчи босқич талабаси. Илмий изланишлари натижасида 200 дан ортиқ мақола чоп этилган, 2024 йилда эса республика миқёсида “Йил талабаси” танловида “Тадбиркор талаба” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллади.
[gallery-28058]
2025 йилда республика фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлиши, Германия, Польша ва Ҳиндистонда илмий мақолаларининг чоп этилиши Гулҳаёнинг илмий салоҳиятининг халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётганидан далолатдир.
– Президентимизнинг ёшларга қаратаётган эътибори менга доимо куч ва шижоат беради, – дейди Гулҳаё. – Ҳозирда тиббиёт йўналишида билим ва тажрибамни орттириб, етук малакали шифокор бўлишни мақсад қилганман. Шу билан бирга асосий мақсадим — илмий ишлар қилиш ва орзуларимни рўёбга чиқариш.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА