Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган учрашув
Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Судья ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда вилоят суди раиси ўринбосари Камол Назаров ва бошқалар иштирок этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқаётгани қайд этилди.


Вилоят суди судьялари С.Аканов ва О.Суюнов жорий йил март ойида қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент фармонининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш, шунингдек, оилавий муносабатларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида тўхталди. Қонунчиликда назарда тутилган никоҳ шартномасини ихтиёрий тузиш амалиётининг аҳамияти ҳам таъкидланди.


Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Тадбир якунида “Фарзанд омонат” ва “Ота” мавзусидаги ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.
Бундай мулоқотлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда қонунларга ҳурмат руҳини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири