Ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш йўлида янги ҳамкорлик
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, уларда қонунга ҳурмат, фуқаролик масъулияти ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.

Қайд этилганидек, меморандум доирасида эндиликда ёшлар учун очиқ дарслар, тренинглар ва ҳуқуқий маслаҳатлар ташкил этиш, уларни суд-ҳуқуқ соҳаси ҳамда юридик касбларга йўналтириш, ҳуқуқий дебатлар, суд жараёни имитациялари, олимпиада ва танловлар ўтказиш, ҳуқуқбузарлик, зўравонлик, кибербуллинг ва онлайн фирибгарликнинг олдини олиш ражалаштирилмоқда.

Шунингдек, ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий ишлари ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий қўлланмалар, видеодарслар, подкастлар ва онлайн курслар яратиш кўзда тутилган.

Академиянинг юридик клиникаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга бирламчи бепул ҳуқуқий маслаҳат ва зарур ахборотлар тақдим этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА