Ёшларнинг экологик билимлари “Заковат”да синалди
Самарқандда “Эко-заковат” халқаро интеллектуал ўйини ўтказилди.
Унда ёшлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ҳамда ўсимликларни сақлаш ва бошқа соҳага оид билимларини синовдан ўтказди.
“Эко-заковат”нинг биринчи босқичида мамлакатимиз жамоалари ўзаро беллашди. Муросасиз беллашув якунида Сурхондарё вилояти жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, интеллектуал ўйинининг халқаро босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Озарбайжондан келган жамоалар ҳамда юртимиз вакиллари халқаро интеллектуал ўйин ғолиблиги учун баҳс олиб борди. Якунда юртимиз ёшлари тенгдошларидан кўра экология бўйича билимлироқ эканлигини намойиш этди. Иккинчи ўринни Қозоғистон ёшлари, учинчи ўринни Қирғиз Республикаси вакиллари қўлга киритди.
[gallery-29866]
- Бугунги кунда дунё миқёсидаги энг долзарб муаммо ҳеч шубҳасиз экология билан боғлиқ, - дейди Термиз давлат университети талабаси Абдулазиз Ҳасанов. – “Эко-заковат” интеллектуал ўйини халқаро миқёсда ёш авлодни экологик муаммолар ечимига диққатини тортишга қаратилган. Бу орқали экологик маданиятни юксалтириб, бугунги муаммоли экологик вазиятларга ижобий ечим топиш борасида бирлашиш, фаолликни ошириш асосий мақсад қилинган. Мамлакат миқёсидаги “Эко-заковат”ни ютиб, халқаро босқичда ҳам муносиб иштирок этдик. Қозоғистон ва Қирғиз республикаларидан келган тенгдошларимиз билан экобилим борасида қизғин рақобатлашдик. Бу ерда ғолибликнинг аҳамияти йўқ. Муҳими, хорижлик тенгдошларимиз билан экология борасидаги фикр ва ташаббусларимиз бирдамлигини таъминладик. Бу келгусида минтақадаги мавжуд экологик муаммоларга биргаликда ечим топишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Биз шундагина ҳақиқий ғолибга айланамиз. Бу йўлда, албатта, ҳамжиҳатлик алоҳида аҳамиятга эга.
“Эко-заковат” ёшларнинг атроф-муҳитни асраш борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаб, маҳаллий ва хорижлик экофаоллар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, экологик хабардорликни ошириш ҳамда экомаданиятни юксалтиришга хизмат қилди.
- Ушбу ўйинда иштирок этганимдан мамнунман, - дейди озарбайжонлик иштирокчи Асия Асқарова. – Экологик билимлар баҳси жуда ҳам қизиқарли ўтди. Халқаро миқёсдаги экологик муаммолар, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ саволлар кишини жиддий ўйга толдиради. Буларни бугун ҳал этмасак, эртага инсоният қандай муаммоларга дуч келади, деган савол ҳар бир ёшни фаоллик ундаши зарур. Мен ўйиннинг моҳиятини мана шундай тушундим. Ўйлайманки, бу тадбир, албатта, ўз натижасини беради. Ва инсониятнинг табиатга бўлган муносабати ўзгариб, она табиат аслига қайтади.
“Эко-заковат” халқаро интеллектуал ўйини иштирокчилари учун Имом Бухорий, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр мажмуалари ва Хўжа Дониёр мақбарасига саёҳат ташкил этилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари