Ёшларнинг билим ва тафаккур салоҳияти синовдан ўтказилди
Жиззах вилоятида ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда олий таълим муассасаларидаги “Қалқон” жамоатчилик гуруҳлари иштирокида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг билим ва тафаккур салоҳиятини юксалтириш, уларда Ватанга садоқат ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим маънавий-маърифий тадбирга айланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилояти кенгаши, Жиззах ҳарбий прокуратураси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган интеллектуал беллашувда ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар органлари, Божхона тизими, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва олий таълим муассасаларидан жами 15 та жамоа иштирок этди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой кечган ўйин жараёнида иштирокчилар нафақат билим ва тафаккур салоҳияти, балки тезкор фикрлаш, таҳлил қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасидаги қобилиятларини ҳам намоён этишди.
Мусобақа якунларига кўра, Давлат божхона бошқармасининг “Меркурий” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Қутқарувчи” жамоаси иккинчи, Миллий гвардия бошқармасининг “Билимдонлар” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
“Қалқон” жамоатчилик гуруҳлари ўртасида эса Самбҳрам университетининг “Зукколар” жамоаси ғолиб деб топилди. Қозон федерал университети Жиззах филиалининг “Жасорат” жамоаси иккинчи, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейининг “Қалқон” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Тадбирда қатнашган 150 нафардан ортиқ ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мазкур интеллектуал беллашув нафақат билим синови, балки ватанпарварлик, жамоавийлик ва фидойилик мактаби вазифасини ўтади.
[gallery-29580]
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ҳарбий бўлим бошлиғи, подполковник Раҳмонжон Очилов таъкидлаганидек, бугун Янги Ўзбекистонни билимли, тафаккурли ва юксак фуқаролик позициясига эга ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. “Заковат” каби интеллектуал ўйинлар ёшларнинг онгу тафаккурини чархлаб, уларни Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА