Ёшларимиз Осиё кубоги сари ғалабали одимлади
Ўзбекистон U20 терма жамоаси 2027 йилги Осиё кубоги саралаш босқичидаги илк учрашувида ғалаба қозонди.
2027 йилнинг 24 март – 10 апрель кунлари Хитойда футбол бўйича U20 Осиё кубоги финал босқичи ўтказилади. Қитъа биринчилигида 16 та жамоа иштирок этади. Мезбон Хитой терма жамоасидан ташқари 15 та иштирокчи саралаш босқичи орқали аниқланади.
Айни дамда мамлакатимиз саралаш босқичининг “Б” гуруҳидаги баҳсларига мезбонлик қилмоқда. Дарвоқе, ушбу гуруҳда Ўзбекистон, Сурия, Ҳиндистон ва Бангладеш U20 терма жамоалари ўзаро рақобатлашмоқда.
Гуруҳдаги илк тур учрашувлари доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Бангладешга қарши баҳс олиб бориб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари сафида Қувоншбек Сайдалиев 20-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 47-дақиқада Қувончбек Абраев жамоамизнинг иккинчи голини киритди. Гуруҳнинг яна бир учрашувида Ҳиндистон Сурияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, биринчи турдан сўнг Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳисобида 3 очкодан мавжуд.

Терма жамоамиз саралашдаги навбатдаги учрашувини 3 сентябрь куни Ҳиндистонга қарши ўтказади. 6 сентябрь куни эса Сурияга қарши баҳсда майдонга тушади. Ҳар икки учрашув Тошкентдаги «Дўстлик» стадионида соат 19:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда ўтказиладиган U20 Осиё кубоги 2027 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. ФИФА томонидан Осиё қитъасига U20 Жаҳон чемпионати учун 4 та йўлланма ажратилган. Шу боис қитъа биринчилигининг ярим финалига чиққан тўрт жамоа Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
2027 йилги U20 Жаҳон чемпионатига Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё кубогида қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, мезбон сифатида жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА