Ёшларга эътибор – келажакка пойдевор
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил давом этмоқда.
Айниқса, Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар оилаларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик халқимизнинг юксак эҳтироми ифодасидир. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномаларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Кўтаринки руҳда ташкил этилган тантанали маросимда округ қўмондони, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар фарзандларига олий таълим муассасаларига кириш учун бериладиган имтиёзли тавсияномалар тантанали равишда топширилди. Бу эса ёшлар қалбида чексиз фахр, масъулият ва Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
[gallery-29382]
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакат тараққиёти, юрт равнақи ва халқ фаровонлиги аввало билимли, салоҳиятли ва ватанпарвар ёшлар қўлида эканлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, илмли авлод миллат таянчи, давлатнинг эртанги куни ва тараққиётининг энг ишончли кафолатидир.
Тадбир давомида ёшларга давлат имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиш, келажакда халқ ва Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган баркамол инсонлар бўлиб етишиш тилаклари билдирилди. Самимий ва тантанавор руҳда ўтган ушбу маросим ёшлар қалбида юртга дахлдорлик, фидойилик ва улкан масъулият ҳиссини янада кучайтирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар таълими учун яратилаётган кенг имкониятлар, замонавий шароит ва имтиёзлар эртанги кун эгалари бўлган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг кучли ва қудратли келажагини бунёд этишда муҳим омилдир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.