Ёшлар учун замонавий спорт майдончалари
Жиззах вилояти Зарбдор ва Янгиобод туманларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этиш мақсадида янги спорт майдончалари фойдаланишга топширилди.
Хусусан, “Очиқ бюджет” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Зарбдор туманидаги “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Спорт мактаби тасарруфида стритбол ва воркаут спорт майдончалари барпо этилди.
Уларнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, таълим ва спорт соҳаси мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, мураббийлар ҳамда ёшлар иштирок этди. Йиғилганлар янги спорт майдонларида яратилган шароитлар билан танишди. Ёш спортчилар иштирокида кўргазмали чиқишлар ва турли беллашувлар ҳам ташкил этилди.
[gallery-31826]
— Илгари маҳалламизда бундай замонавий ва барча шароитларга эга спорт майдончаси йўқ эди, - дейди Зарбдор туманидаги “Навоий” МФЙда яшовчи ёшлардан бири Шуҳрат Сатторов. — Энди дўстларимиз ва маҳалладошларимиз билан бўш вақтимизда стритбол ва воркаут билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга бўлдик.
Шу каби эзгу ташаббус Янгиобод туманида ҳам амалга оширилди. “Совот” қишлоқ фуқаролар йиғини ёшлар етакчисининг ташаббуси билан “Tashabbus.sport.uz” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги умумтаълим мактаби ҳовлисида замонавий стритбол ва воркаут спорт майдончаси барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига топширилди.
Янги спорт майдончалари маҳалла ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ва оммавий спортни янада оммалаштириши учун қўшимча имконият яратмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА