Ёшлар учун 150 та китоб
Китоб — инсон тафаккурини бойитадиган, дунёқарашини кенгайтирадиган ва жамият тараққиётига хизмат қиладиган беқиёс маънавий манба. Шу боис юртимизда ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага қизиқишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини янада юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамоатчилик, депутатлар, тадбиркорлар ва фаол фуқароларнинг ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Бир кунда — 1000 китоб” акцияси ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган.
Акция доирасида Бухоро шаҳрида ҳам ёшлар ўртасида китобхонлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ташаббус амалга оширилди.

Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Нодир Ҳамдамов ҳамда фаол тадбиркор Шуҳрат Очилов бошчилигида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Бухоро филиалига 150 та китоб совға қилинди.
Мазкур ташаббус, аввало, таълим муассасаси кутубхонаси фондини бойитиш билан бирга, ўқувчиларнинг бадиий, илмий ва маърифий адабиётларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади. Зеро, бугун ёшларнинг китоб билан дўстлашиши — эртанги куннинг билимли, мустақил фикрлайдиган ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга авлодини шакллантиришга қўшилган муҳим ҳиссадир.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Китобхонлик, маънавият ва инсон камолоти мавзуларига бағишланган чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, ўқувчилар иштирокида қизиқарли савол-жавоблар ташкил этилди. Унда ёшларнинг билим ва дунёқараши, мустақил фикрлаши ҳамда китоб мутолаасига бўлган қизиқиши яққол намоён бўлди. Бундай ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, китоб совға қилиш — оддий хайрия эмас, балки ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий келажагига қилинган сармоядир. Бир китоб янги фикрга, янги фикр эса янги мақсад ва имкониятларга йўл очиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири