Ёшлар тарбиясида нуронийлар ва фахрийларнинг ўрни беқиёс
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири турли авлод вакилларини бир мақсад — Ватан тараққиёти, ёшлар тарбияси ва миллий асраб-авайлаш ғояси атрофида жамлади.
Тадбирда нуронийлар, меҳнат ва ҳарбий фахрийлар, оталиққа олинган ёшлар, “Ватан таянчи” отряди аъзолари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди. Учрашув авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ҳаётга бўлган қарашларини бойитиш ва уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирни Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов очиб берди. У ўз сўзида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, нуронийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда жамият ҳаётида авлодлар ворислигининг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиётида билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшларни тарбиялаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар ва фахрийларнинг ўрни беқиёсдир.
Учрашувнинг энг қизиқарли қисми очиқ мулоқот шаклида кечди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, меҳнат ва ҳарбий фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибалари, меҳнат фаолияти ва хизмат йўли ҳақидаги ҳикояларини катта қизиқиш билан тингладилар.
Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги масъулият ва матонат ҳақидаги фикрлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Нуронийлар томонидан айтилган ҳаётий маслаҳатлар, сабр-тоқат, меҳнатсеварлик ва эл-юртга садоқат ҳақидаги фикрлар иштирокчилар учун ўзига хос ҳаёт сабоғига айланди.
Ёшлар эса ўз навбатида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, таълим олиш ва касб эгаллаш борасидаги мақсадлари билан ўртоқлашдилар.
[gallery-29854]
– Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар ёшларнинг ҳаётий қарашларини бойитиб, уларни эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бундай мулоқотларда ёшлар нуронийлар ва фахрийларнинг ҳаёт тажрибасидан баҳраманд бўлиб, уларнинг босиб ўтган ибратли йўлидан ўзига хос сабоқ олади. Энг муҳими, авлодлар ўртасидаги маънавий ворисийлик мустаҳкамланади, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.
Тадбир давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, бу каби учрашувлар ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, “Уч авлод учрашуви” нафақат мулоқот майдони, балки тажриба, жасорат ва ишонч уйғунлашган маънавий мактаб вазифасини ўтади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов(сурат) ЎзА