Ёшлар суд биносига таклиф этилди
Хоразмда “Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судида ёшлар ва жамоатчилик фаоллари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар суд биносида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар, суд мажлиси заллари, қабулхона ва девонхона фаолияти, шунингдек, суд ишларини юритиш тартиби билан танишдилар.

Очиқ мулоқот чоғида суд ҳокимиятининг жамиятдаги ўрни, одил судловни амалга ошириш принциплари, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, иштирокчилар “Одил судлов – 2030” стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари билан таништирилди. Унда судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда фуқаролар учун қулай суд тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлигига тўхталди.

Мулоқотда иштирокчилар билан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг оқибатлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири