Ёшлар парламенти: энг саралар ғолиб бўлди
“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолиги учун ўтказилаётган сайлов жараёнлари тобора қизғин паллага кирмоқда.
Даставвал, партия Бухоро вилояти кенгашида тузилган ҳудудий сайлов ҳайъати томонидан 24-Когон, 27-Варахшо ҳамда 28-Пойкент сайлов округларидан сайловда иштирок этиш истагини билдирган 111 нафар ёшларнинг ҳужжатлари қабул қилинди.
Ташкилий қўмита томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг Низом талабларига мувофиқлиги кўриб чиқилиб, сараланган 37 нафар номзодлар иккинчи босқичга тавсия этилди.
Сайлов округларидан навбатдаги босқичга ўтган номзодларни Ҳайъат аъзолари билан суҳбат тақдимоти ўтказилди.

–Сайлов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ ташкил этилди, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Махсуд Мухаммедов. – Мулоқот жараёнида асосий эътибор номзодларнинг парламент соҳасидаги билим ва тажрибаси, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлари, давлат бошқарувидаги билим ва тасаввурлари, жамиятимизда амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар ҳақидаги қарашлари, эришган ютуқлари ҳамда партия Сайловолди дастурига оид тақдимоти каби омилларга қаратилди. Албатта, ушбу сайлов ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутади ва улар келажаги учун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Тақдимотлар Ҳайъат аъзолари томонидан номзодларга ҳуқуқий-сиёсий саводхонлиги бўйича билим даражаси 5 баллик тизим асосида ёпиқ овоз бериш йўли билан баҳоланди. Ғолиблар Ёшлар парламенти сайловининг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Зариф Комилов, ЎзА