“Ёшлар овози – Бўзатов FEST” танлови ғолиблари тақдирланди
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Ёшлар овози – Бўзатов FEST” республика танловининг финал босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 29 майдан 4 июнь кунига қадар Қорақалпоғистон замини истеъдодли ёшларни ўзида жамлаган мазкур нуфузли танловнинг ҳал қилувчи республика босқичи беллашувларига мезбонлик қилди. Ушбу муддат давомида минглаб иштирокчилар орасидан энг сара иқтидор эгалари ўзларининг бор маҳоратларини ишга солиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар эътиборига бетакрор ижроларини тақдим этди.
Маълумки, мазкур йирик лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириғи ҳамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижроси асосида ҳаётга татбиқ этилган.
Танлов 2021 йилдан буён Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси томонидан анъанавий тарзда юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Эътиборли жиҳати, танловнинг 2021–2024 йиллар давомида ўтказилган республика босқичларида жами 128 нафар ёш ғолиб ва совриндор бўлишга эришган.
Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев сўзга чиқиб, фестивалда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган ёшларни табриклади.
Таъкидланганидек, ёш истеъдодларни муносиб рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда танловнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўм этиб белгиланди. Республика босқичида ҳар бир йўналиш ва ёш тоифаси бўйича 1-ўринни қўлга киритган жами 12 нафар ёш — 50 миллион сўмдан, 2-ўрин соҳиблари (12 нафар) — 30 миллион сўмдан, 3-ўрин эгалари (12 нафар) эса — 20 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, финал босқичида иштирок этган қолган барча ёш 10 миллион сўмдан рағбатлантирувчи пул мукофотига эга бўлди.
Республика танлови якунида бахшичилик йўналишида 10-15 ёш тоифасида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Миратдин Зарапатдинов, иккинчи ўринни Фарғона вилоятидан Бунёдбек Надиров, учинчи ўринни Қашқадарё вилоятидан Зариф Холмурадов, 16-22 ёш тоифасида биринчи ўринни Тошкент шаҳридан Диёрбек Бекбергенов, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Умида Қидирбергенова, учинчи ўринни Жиззах вилоятидан Жавохирбек Ғойибназаров, 23-30 ёш тоифасида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Улдаулет Сарсенбаева, иккинчи ўринни Тошкент шаҳридан Суннатулла Эшманов, учинчи ўринни Навоий вилоятидан Еркинбай Артиков қўлга киритди.
Анъанавий ижро йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида биринчи ўрин Фарғона вилоятидан Ҳурриятхон Шокирова, иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Самадбек Мавлонбердиев, учинчи ўрин Наманган вилоятидан Жавоҳир Хомиджанов, 16-22 ёш тоифасида биринчи ўрин Самарқанд вилоятидан Дилафрўз Баҳодирова, иккинчи ўрин Тошкент шаҳридан Олимахон Тожибоева, учинчи ўрин Қашқадарё вилоятидан Зиёдулла Муртазаев, 23-30 ёш тоифасида биринчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Шукурулла Абдуллаев, иккинчи ўрин Наманган вилоятидан Рустамжон Мирминов, учинчи ўрин Тошкент вилоятидан Нодира Ходжиевага насиб этди.
[gallery-29848]
Эстрада йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Бибимарям Жепбарбергеова, иккинчи ўринни Қашқадарё вилоятидан Адизжон Қаюмов, учинчи ўринни Тошкент вилоятидан Шаҳло Шомуратова, 16-22 ёш тоифасида биринчи ўринни Наманган вилоятидан Дилнора Ҳабибуллаева, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Сабрина Назарова, учинчи ўринни Тошкент шаҳридан Муштарий Аҳмедова, 23-30 ёш тоифасида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Хурсандбек Атамуратов, иккинчи ўринни Андижон вилоятидан Камронбек Жамшидов, учинчи ўринни Сурхондарё вилоятидан Мафтуна Рустамова қўлга киритди.
Опера йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида биринчи ўринга Қашқадарё вилоятидан Дмитрий Арслонов, иккинчи ўринга Наманган вилоятидан Фатхиддин Турсунбаев, учинчи ўринга Навоий вилоятидан Ўлмасжон Палванов, 16-22 ёш тоифасида биринчи ўринга Қорақалпоғистон Республикасидан Нурсултан Амангелдиев, иккинчи ўринга Қашқадарё вилоятидан Моҳинур Боқиева, учинчи ўринга Тошкент вилоятидан Наргиза Абдиталипова, 23-30 ёш тоифасида биринчи ўринга Қашқадарё вилоятидан Фаррух Исматов, иккинчи ўринга Наманган вилоятидан Шахноза Ёқубжонова, учинчи ўринга Қорақалпоғистон Республикасидан Бахит Қидирбаев сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида санъат усталари, таниқли эстрада қўшиқчилари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури, мушакбозлик барчага кўтаринки кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.