Ёшлар Орол муаммосига бефарқ эмас
Оролбўйининг ноёб табиати ҳамда экологик муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ташкил этилаётган “Орол денгизига поезд” акцияси кенг қамровли маърифий лойиҳага айланмоқда. Ушбу ташаббус орқали ёшлар нафақат Оролбўйининг бой маданий мероси билан танишмоқда, балки экологик маданият ва ички туризмнинг аҳамиятини ҳам чуқур англамоқда.
“Орол денгизига поезд” ёшлар акцияси иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикасига йўл олди. Акция доирасида ёшларни Оролбўйи ҳудудининг туризм салоҳияти, тарихий-маданий мероси ҳамда Орол денгизи экологик муаммолари билан таништиришга қаратилган маданий-маърифий, экологик ва туристик тадбирлар ташкил этилмоқда.
Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзалда бўлиб ўтган кузатув маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси вакиллари иштирокчиларга оқ йўл тилаб, бундай ташаббуслар ички туризмни ривожлантириш, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш ва Оролбўйи туризм салоҳиятини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мазкур акция “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ички ва экологик туризмни ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган устувор вазифалари доирасида амалга оширилмоқда.
Акция давомида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Кегейли, Қораўзак, Чимбой, Мўйноқ ва бошқа туманларига ташриф буюради.
Тадбир дастуридан иштирокчиларни Қорақалпоғистоннинг туристик, маданий ва зиёрат объектлари билан таништириш ўрин олган. Саёҳат давомида ёшлар “Шайх Жалил бобо” мажмуаси, “Чилпиқ” тарихий ёдгорлиги ва “Довут ота” зиёратгоҳига ташриф буюради. Шунингдек, улар Орол денгизи тарихи музейи, Мўйноқдаги кемалар қабристони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи фаолияти билан яқиндан танишади. Бундан ташқари, ташаббус доирасида экологик акциялар, маданий-маърифий тадбирлар, ёш рассомлар танлови, экологик кўргазма, спорт мусобақалари ва гала-концерт ўтказилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА