Ёшлар музей экспонатлари билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Гулистон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи 2019 йилдан буён фаолият юритиб, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, тарихий ҳақиқатни тиклаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.
Музей 3 та зал, 7 та бўлим ва 55 та экспозициядан иборат бўлиб, унда Туркистоннинг босиб олиниши, жадидчилик ҳаракати, коллективлаштириш сиёсати, 1937–1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар, “Пахта иши” даври ҳамда мустақиллик йилларида тарихий адолатни тиклаш жараёнларига оид материаллар жамланган.
Тарих ихлосмандлари экспонатлар билан танишиш мақсадида бу ерга тез-тез ташриф буюради. Гулистон давлат университети талабалари ҳамда бир гуруҳ мактаб ўқувчилари ҳам шу мақсадда бу ерда бўлди. Ташриф давомида ёшлар музейнинг янгиланган экспозициялари билан яқиндан танишиб, халқимиз тарихидаги энг оғир ва синовли даврлар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлди. Ёшларга музей экспозициялари ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар, жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва фаолияти, халқ озодлиги ва ҳақиқат йўлидаги курашлари ёшларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-29337]
Музей директори Ўғилой Эрбўтаева хамда музей ходимлари қатағон қурбонлари ҳаёти, уларнинг жасорати ва фидокорлиги ҳақидаги маълумотлар ёш авлодда ватанпарварлик, адолатпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, музейда архив ҳужжатларини тўплаш, электрон каталог яратиш, қатағон даврига оид ноёб манбаларни ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича илмий-маърифий ишлар мунтазам олиб борилмоқда.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА