Ёшлар кунида Сенатда фаол ёшлар билан мулоқот ташкил этилди
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқотида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” сифатида ўтказилиши белгиланди.
Сенатда шу муносабат билан ҳар ҳафта Ёшлар куни ўтказилиб, унда ёшлар билан турли мавзуларда мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Навбатдаги мулоқот Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг бир гуруҳ ёшлари билан ўтказилди.
Мулоқот чоғида давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган доимий эътибори уларнинг эртанги кунга ишончини, ўз куч ва имкониятларига бўлган қатъиятини янада мустаҳкамлаётгани алоҳида таъкидланди.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова иштирокчиларга юқори палатанинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки, парламент назоратини амалга ошириш ҳамда парламент дипломатиясини ривожлантириш борасидаги вазифалари юзасидан маълумот берди. Шунингдек, давлат бошқаруви тизимида Сенатнинг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ёшларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қонунчилик жараёнларига кенгроқ жалб этиш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан фаол иштирок этиб, давлат бошқаруви тизимида ёшларнинг иштироки, парламент фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги масалалари юзасидан фикрларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА