“Ёшлар куни”да экологик масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлмоқда
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ташкилотларда, ҳокимликларда “Ёшлар куни” сифатида белгиланди. Шу куни масъул раҳбарлар, ташкилотлар мутасаддилари маҳалла, мактаб ва техникумлар, олий таълим муассасаларига бориб, ёшлар билан учрашувлар ўтказишади, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитиб, ҳал қилиш чораларини кўради.
Ушбу эзгу анъана Ўзбекистон Экологик партияси Марказий ва ҳудудий партия ташкилотлари томонидан ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда тегишли масъуллар, экология ва иқлим ўзгариши йўналишидаги мутахассислар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. Мулоқотлар давомида ёшларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш билан боғлиқ масалалар очиқ муҳокама қилинмоқда.

Бундан ташқари, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида уларнинг ташаббускорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Экология соҳасида қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида тушунтиришлар бериляпти.

Ўз навбатида, ёшлар ҳам фаоллик кўрсатиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни тўғри бошқариш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик маданиятни ошириш борасидаги ўз таклиф ва ғояларини илгари суришмоқда.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилаётган учрашувларда партия вакиллари ва тегишли мутасаддилар томонидан ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бу каби учрашув ва мулоқотлар ёшларнинг экологияга оид саъй-ҳаракатлардаги иштирокини таъминлаб, уларнинг экологик маданияти ва масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА