Ёшлар куни кўтаринки руҳда нишонланди
Ёшлар куни муносабати билан Сирдарё вилоятининг барча ҳудудларида бўлгани каби Сардоба туманида ҳам кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Байрам муносабати билан ўтказилган тадбирлар ёшларга бўлган юксак эътибор, уларнинг салоҳияти ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасига айланди.
Туманнинг Дўстлик маҳалласида Сардоба тумани ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ташаббуси билан "Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!" шиори остида ташкил этилган байрам тадбири юзлаб ёшлар, фаоллар ва маҳалла аҳлини бир майдонга жамлади.

Тадбирда Сардоба тумани ҳокими Зиёдулла Каримов иштирок этиб, ёшларни мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи сифатида эътироф этар экан, уларни байрам билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, юртимизда ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб, уларни ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.

Байрам тадбирининг энг қувончли лаҳзаларидан бири фаол ва ташаббускор ёшларни тақдирлаш маросими бўлди. Илм-фан, таълим, спорт, жамоатчилик ишлари ҳамда турли танлов ва лойиҳаларда юқори натижаларга эришган, интеллектуал салоҳияти, ташаббускорлиги ва фаол фуқаролик позицияси билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Сардоба тумани ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Президентимиз табригида биз ёшларга, “Катта-катта марралар сари олға қадам ташланг, ўқинг, янги билим, янги касб ва замонавий технологияларни эгалланг, қийинчиликдан чўчиманг, меҳнатдан қочманг! Шуни билингки, ортингизда сизларни катта умидлар билан вояга етказган ота-онангиз, билим ва тарбия берган устозларингиз ҳамда сизларга доимо ишонадиган Президентингиз бор”, деган даъватлар биз учун улкан масъулият ва куч бағишлади. Бу сўзлар ҳар бир ёшни ўз устида тинмай ишлашга, билим ва малакасини оширишга, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга ундайди, — дейди тадбирда иштирок этган Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси Ҳасан Бахтибоев

Тадбирнинг маданий қисми ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Истеъдодли санъаткорлар, ҳаваскор ижодкор ёшлар ҳамда бадиий жамоалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, миллий ва замонавий рақслар, саҳна кўринишлари ҳамда мусиқий чиқишлар байрамга янада файз бағишлади. Кеч давомида ёшлар учун турли интерактив дастурлар, ижодий чиқишлар ва қувноқ беллашувлар ҳам ташкил этилди.

Ёшлар кунига бағишланган ушбу байрам тадбири Сардоба тумани ёшларининг фаоллиги, ижодий салоҳияти ва мамлакат келажагини барпо этиш йўлидаги қатъий интилишларини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, тадбир иштирокчилари қалбида Ватанга муҳаббат, эзгу мақсадлар сари интилиш ва Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдек юксак туйғуларни янада мустаҳкамлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири