Ёшлар етакчилари маҳаллаларда самарали ишлашга ўргатилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, маҳаллаларда ташкил этилган ёшлар етакчилари институти бу борадаги ишларни тизимли ташкил этишда асосий бўғинга айланди.
Шу боис, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан «маҳаллабай» ишлаш тизимини янада ривожлантириш ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида янги тайинланган етакчилар учун мунтазам ўқув машғулотлари ҳамда республика семинарлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрида янги тайинланган ёшлар етакчилари учун навбатдаги ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.
Машғулотларда ёшлар билан самарали ишлаш, замонавий бошқарув ёндашувлари, лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда жамоатчилик билан мулоқот қилиш бўйича билим ва кўникмалар мустаҳкамланди.

Етакчиларга ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги янги фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Индивидуал ёндашув юзасидан маҳалладаги ҳар бир ёш йигит-қиз билан алоҳида, манзилли ишлаш методикаси ўргатилди. “Маҳаллабай” тизимнинг рақамли асоси бўлган электрон платформалар, хусусан, янгиланган тизимлар ва рақамли базалар билан самарали ишлаш кўникмалари шакллантирилди.
Қайд этилганидек, ўқувларнинг асосий мақсади — ёшлар етакчиларининг касбий салоҳиятини ошириш ва маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада кучайтиришдан иборат бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА