Ёшлар билан очиқ мулоқот самарали таклифларга йўл очди
Чирчиқ Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида вазир ўринбосари Шахрилло Махмудов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Учрашувда спорт соҳаси раҳбарлари, тренер-ўқитувчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

– Бугунги ёшлар — мамлакатимиз спорт соҳасининг эртанги таянчи. Уларга муносиб шароит яратиш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш — бизнинг устувор вазифамиздир. Ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш орқали уларни қийнаётган масалаларни эшитамиз, таклифларини инобатга оламиз ва келгусида янада кенг имкониятлар яратишга интиламиз, — деди вазир ўринбосари Ш.Маҳмудов.

Тадбир давомида ёшларнинг фикр-мулоҳаза, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, спорт соҳасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, истиқболдаги режалар ҳамда долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда спорт таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар, ёш спортчиларнинг ютуқлари ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА