Ёшлар билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ташаббуси билан ёшлар билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди. Шу асосда Наманган давлат университети ҳузурида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш маркази фаолиятини бошлади.
Марказ томонидан дастлаб Уйчи туманининг 53 та маҳалласида 1200 нафардан зиёд ёш ўртасида социологик сўров ўтказилиб, 500 нафардан зиёд ўғил-қиз билан суҳбатлашилди. Шунингдек, 100 дан ортиқ объект фаолияти ўрганилиб, аниқланган муаммолар юзасидан амалий ечимлар ишлаб чиқилди.
[gallery-31697]
Қумтепа, Файзобод ва Жийдакапа маҳаллаларида норасмий банд бўлган 600 нафар ҳунарманд ёшни касбга ўқитиш ва даромадини ошириш бўйича таклифлар тайёрланди. Уларнинг меҳнат фаолиятини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш орқали 500 нафардан зиёд ёшнинг расмий бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш кўзда тутилди.
Маҳаллаларда “Ёшлар қаҳрамони”ни аниқлаш ташаббуси натижасида 150 нафардан зиёд истеъдодли ва лидер ёшлар аниқланди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида “Сайёр суд”лар, хавф гуруҳидаги ёшлар билан учрашувлар, жазони ижро этиш муассасаларига ташрифлар ҳамда театрнинг сайёр спектакллари ташкил этилди.
Норин туманида ҳам ёшлар билан ишлашнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилий-бошқарув, бандлик ва тадбиркорлик, ёшлар сиёсати, соғлиқни сақлаш, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси, оила ва ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини қамраб олган 9 та йўналиш ўрганилди.
Норин тажрибаси асосида маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, мавжуд муаммоларни рақам ва фактлар асосида таҳлил қилиш ҳамда уларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу тариқа, ёшлар билан ишлашда бандлик, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби йўналишлар ўзаро боғлиқ ҳолда ўрганилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА