Ёш тадбиркорнинг лойиҳаси синовдан ўтказилмоқда
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан партиянинг “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ҳудудларда ўтказилаётган танловлар иқтидорли ва ташаббускор ёшларни кашф этишга хизмат қилмоқда.
Қораўзак туманидаги танловда Бибинур Базарбаева ўзининг инновацион ғояси — “AQUA LOOP” лойиҳаси билан иштирок этиб, ҳудудий босқичда ғолибликни қўлга киритди. Сувни тежайдиган инновацион ечим “AQUA LOOP” лойиҳаси бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этаётган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига қаратилган. Лойиҳа асосида душ ва қўл ювишдан ҳосил бўладиган кулранг сувни йиғиш, махсус фильтрлар орқали тозалаш ва уни қайта техник мақсадларда фойдаланиш имконини берувчи қурилма ишлаб чиқилган.
Қурилмада сув уч босқичда тозаланади. Биринчи — механик фильтр соч, ип ва бошқа йирик заррачаларни ушлаб қолади. Иккинчи — биологик фильтр органик моддаларни парчалайди. Учинчи — кимёвий фильтр эса сувдаги ҳид ва рангни камайтириб, якуний тозалаш жараёнини амалга оширади. Шундан сўнг тозаланган сув гравитация кучи асосида ҳожатхона бачогига йўналтирилади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати қўшимча электр энергияси талаб этмаслигидир. Шунингдек, уни мавжуд муҳандислик инфратузилмасига интеграция қилиш кўзда тутилган.

“AQUA LOOP” лойиҳасининг аҳамияти унинг фақат назарий ғоя бўлиб қолмаётганида. Лойиҳа партия томонидан қўллаб-қувватланиб, айни пайтда қурилма тажриба-синов тариқасида Қораўзак туманида барпо этилаётган кўп қаватли уйларга ўрнатилмоқда. Бу эса ёш тадбиркорнинг инновацион ғоясини ҳақиқий шароитда синаб кўриш, унинг самарадорлигини баҳолаш ва келгусида янада такомиллаштириш имконини беради.
Лойиҳанинг асосий мақсадли аудиторияси ҳам айнан кўп қаватли уйлар, меҳмонхоналар, офис ва ишхона бинолари, давлат муассасалари каби сув истеъмоли юқори бўлган объектларни қамраб олади. Ташаббускор ёшнинг таъкидлашича, келгусида қурилмани янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда сув тежамкорлигига қаратилган ушбу ечимни кенгроқ миқёсда жорий этиш режалаштирилган.
“AQUA LOOP” лойиҳаси партиянинг ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг инновацион ва креатив ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари амалий натижа бераётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар ёшларни нафақат тадбиркорликка, балки жамиятдаги мавжуд муаммоларга янгича ёндашиб, уларга инновацион ечим излашга ундайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири