Ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Риштон туманида ёш тадбиркорларнинг чорвачилик соҳасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ёш тадбиркор Мавсумхўжа Муҳожиров Беларусь Республикасидаги ҳамкорлари билан шерикликда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳани бошлаган.
Ҳамкорлик келишуви доирасида гўшт йўналишидаги 31 бош наслли қорамол олиб келинди. Яқин кунларда яна 70 бошдан зиёд наслли қорамолни келтириш, уларни фермер хўжаликлари ва аҳолига етказиб бериш режалаштирилган.
Тадбиркор келгусида Беларусь Республикасида чорвачилик фермаси ташкил этиш, наслчилик хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда юртимизга сифатли наслли қорамолларни нисбатан арзон нархларда етказиб беришни мақсад қилган.
[gallery-30774]
— Президентимиз ва Фарғона вилояти ҳокимлиги делегациясининг яқинда Беларусь Республикасига амалга оширган ташрифидан сўнг ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилди, ўзаро ишонч янада мустаҳкамланди. Бу чорвачилик йўналишида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имконият яратмоқда, - дейди Мавсумхўжа Муҳожиров.
Туманда чорвачилик билан шуғулланаётган яна бир ёш тадбиркор Ғофиржон Бўрибоевнинг фаолияти ҳам эътиборга молик.
У оилавий корхона ташкил этиб, Россиядан олиб келинган 100 бош қорамол парваришини йўлга қўйган. Айни пайтда кунига 200 литр сут соғиб олиниб, ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилмоқда. Оилавий корхонада замонавий талаблар асосида наслчилик ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бир неча йил хорижда меҳнат мигранти сифатида фаолият юритган Ғофиржон Бўрибоев юртига қайтгач, 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, чорвачилик билан шуғуллана бошлаган. Тадбиркор фаолиятини изчил кенгайтириб, бугун ўнлаб иш ўринлари яратган.
— Маҳаллада гўшт сотишга мўлжалланган савдо дўкони ташкил этганмиз. Ҳар бир килограмм гўштни бозордаги нархдан 15 минг сўм арзон сотяпмиз. Шунингдек, тумандаги кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга мунтазам кўмак бериб келамиз, - дейди Ғофиржон Бўрибоев.
Тадбиркор маҳалла аҳли учун байрам дастурхонлари ёзиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш каби хайрли ташаббусларга ҳам ҳомийлик қилмоқда.
Риштондаги бу каби ташаббуслар тадбиркорликнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам намоён этмоқда. Янги иш ўринлари яратиш, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш, наслчиликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар соҳа тараққиётига хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА