Ёш шахматчиларимиз Осиё чемпионатида қатнашмоқда
Шу кунларда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Asian Junior Chess Championship-2026” мусобақаси ўтказилмоқда.
Осиёнинг 10 та мамлакатидан 158 нафар шахматчи иштирок этаётган қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар ўғил ва 2 нафар шахматчи қизлари дона сурмоқда.
Бугун, 20 август куни чемпионатнинг 2-тур ўйинларида терма жамоамиз аъзоларидан Жавоҳир Бозоров, Иброҳим Жуманазаров, Нурмуҳаммад Неъматиллахонов ўғил болалар мусобақасида ҳиндистонлик шахматчилар билан куч синашади.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда ўз омадини синовдан ўтказаётган ҳамюртларимиз Сарвиноз Бегмуратова ва Лилия Белая ҳам 2-турда ҳинд шахматчилари билан баҳс олиб боради.
Ортда қолган илк турда шахматчи йигитларимиздан Иброҳим Жуманазаров рақибини мағлуб этган бўлса, Жавоҳир Бозоров ва Нурмуҳаммад Неъматиллахонов имкониятни бой берди.
Шахматчи қизларимиз 1-турда рақибларини мағлубиятга учратиб, чемпионатдаги дастлабки очколарини қўлга киритди.
Айтиш лозимки, 9 та турдан иборат қитъа чемпионатида ғолибликка эришган шахматчилар ФИДE томонидан халқаро гроссмейстер унвони учун норма олиш имкониятига эга бўлади. Мусобақада кумуш ва бронза медаль соҳиблари халқаро спорт устаси ҳамда ФИДE спорт устаси унвонлари учун нормативларни бажарган ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати 25 августга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА