Ёш ижодкорлар мушоираси
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланиб, Ёзувчилар уюшмаси, Қирғиз миллий-маданий маркази Андижон вилоят бўлимлари ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида “Андижон оқшомлари” мушоира-танлови бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилишида юртимиз мустақиллигини, истиқлол ғояларини тарғиб ва тараннум этиш, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда ижод аҳлининг ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлиги ҳақида сўз борди.
Мушоира-танловда вилоятдаги 35 ёшгача бўлган ижодкорлар - Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Бобур издошлари”, Жалақудуқ туманидаги "Ҳилол", Балиқчи туманидаги "Ёш адиблар" адабий тўгараклари аъзолари, Зомин республика семинари қатнашчилари, Андижон гарнизони ҳарбий қисмнинг муддатли ҳарбий хизматчилари иштирок этди.


Ёш ижодкорлар мушоираси ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланди. Шоирларнинг Ватан, тинчлик, дўстлик, юртга садоқат мавзуларидаги шеърлари, айниқса, ҳарбийлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага завқ улашди.
Ёш ижодкорларнинг чиқишлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳуршида Ваҳобжон қизи, Аваз Абдусалом, Восит Аҳмад, адиб Шукурулло Хайитохунов томонидан баҳолаб борилди.


Тадбир якунида Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Қирғиз миллий-маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров ғолиблар ва барча қатнашчиларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири