Ёш дзюдочиларимиз Осиё кубогини 33 та медаль билан якунлади
Тошкент шаҳрида марҳум спорт фидойиси Учқун Муродов хотирасига бағишлаб ўтказилган кадетлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги ўз ниҳоясига етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида ёшлар ўртасида оғир вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари баҳсларни юқори савияда ўтказиб, мусобақани 9 та олтин, 9 та кумуш ва 15 та бронза, жами 33 та медаль билан якунлаб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди.
Сўнгги кун баҳсларида ҳам ўзбекистонлик дзюдочилар бир қатор вазн тоифаларида шоҳсупага кўтарилди. -81 килограмм вазнда Мустафо Шермаҳматов кумуш, Камронбек Қодиров ва Бекзод Ўктамов бронза медалларига сазовор бўлди.
-90 килограмм вазнда Шаҳзод Шукуров бронза медалини қўлга киритди. +100 килограмм вазн тоифасида Фазлиддин Рафиқов олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Искандар Мамаюсупов кумуш, Алибек Дурдиев эса бронза медалини қўлга киритди.
[gallery-29710]
Қизлар ўртасидаги баҳсларда -70 килограмм вазнда Дурдона Турсунова чемпионликни қўлга киритди. Нигина Сапарбоева бронза медалига эга чиқди.
-78 килограмм вазнда Шоира Аминова бронза медали билан тақдирланди. +78 килограмм вазн тоифасида эса Зарина Бобоназарова олтин, Юллиана Шубладзе кумуш ва Нафиса Ражапова бронза медалларини қўлга киритди.
Шу тариқа, Тошкент татамиларида ўтган Осиё кубоги мамлакатимиз дзюдосида муносиб захира шаклланаётганини яна бир бор намоён этди. Ёш спортчиларимизнинг муваффақиятли иштироки келгусидаги қитъа ва жаҳон ареналари учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА