Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш тизими такомиллаштирилади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Ёш авлодни миллий тарбия ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Қўмита раиси Одилжон Маматкаримов бошқарган мажлисда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, Миллий тарбия модели дастури лойиҳасини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида таълим олувчиларнинг ёши ва ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқиб, тарбия жараёнини қандай амалга ошириш механизмлари ўз аксини топади.
Лойиҳада Ватанга садоқат, миллий ғурур ва ўзликни англаш, ҳалоллик, масъулият, интизом, меҳнатсеварлик, вақтни қадрлаш, оилапарварлик, бағрикенглик, китобхонлик, илмга қизиқиш, табиат ва жамоат мулкига эҳтиёткорлик, мустақил фикрлаш тарбия тизимининг қадриятлари бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда Таълим ва илм фан вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларининг миллий тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар асосида ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА