Ёш атлетларимиз Ўзбекистон чемпионатида беллашмоқда
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича U18 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги куни қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди. Унда қатор йўналишларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Қизлар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида Яна Норматова 5,84 метр натижа билан чемпион бўлди. Баландликка сакраш мусобақасида Дилнура Ҳайдарова 1,66 метрлик маррани забт этган ҳолда олтин медаль соҳибига айланди. Ўғил болалар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида Абдураҳмон Маҳамаджонов, баландликка сакрашда Маъруф Маҳкамбоев мамлакат чемпиони бўлди.

200 метрга югуриш бўйича ёшлар баҳсида Сайфиддин Комилов, қизлар ўртасида эса Ўғилжон Кенжаева маррага биринчи бўлиб етиб келди. Диск улоқтириш баҳсларида Кумуш Санақулова ҳамда Азизбек Абдуғаффоров ғолиб бўлди. 2000 метр тўсиқлар оша югуришда Моҳизарбегим Авазжоновага тенг келадигани топилмади.

Қизлар ўртасидаги еттикураш мусобақасининг якуний натижаларига кўра, Дурдона Жуманқулова 4296 очко билан чемпионга айланди. Ўнкураш мусобақасида Оғабек Нормўминов 4895 очко билан биринчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА