Ёш атлетимиз Осиё чемпионатида яна бир медални қўлга киритди
Ҳонг Конгда енгил атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учун муваффақиятли якунланди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳамюртимиз Сарвар Мейлиев узунликка сакраш баҳсларида 7,60 метр натижа қайд этиб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига навбатдаги бронза медални тақдим этди. Атлетимиз учун ушбу натижа халқаро майдондаги яна бир муҳим ютуқ сифатида қайд этилди.

Маълумот учун, айни дамда термамиз ҳисобидаги медаллар сони 1 та кумуш ва 2 та бронзани ташкил этмоқда. Куни кеча 5000 метр масофага югуриш баҳсларида Тимур Насимов кумуш, 3000 метрга тўсиқлар оша югуриш дастурида Садафбону Нусратиллоева бронза медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА