Ёнилғи инқирози авиацияни издан чиқармоқда: шу ой 13 000 рейс бекор қилинди
Жаҳон авиация бозори жиддий босим остида қолган. Реактив ёнилғи танқислиги ортидан авиакомпаниялар май ойига режалаштирилган қарийб 13 000 рейсни бекор қилди. Тахминан икки миллион ўрин жадвалдан олиб ташланди. Шу тариқа Европа ва бошқа ҳудудларга мўлжалланган таътил режаси издан чиқиши эҳтимоли ортди.
"Lufthansa", "Turkish Airlines", "British Airways" ва KLM каби йирик ташувчилар парвоз сонини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Айрим корхоналар ёнилғи тежаш мақсадида кичикроқ самолётлардан фойдаланишга ўтган.
Мутахассислар фикрича, инқирознинг асосий сабаби Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият билан боғлиқ. Яқин Шарқдаги кескинлик туфайли жаҳон нефть таъминоти хавф остида, авиация ёнилғиси қиймати икки баробар кўтарилган.
Айни пайт авиакомпаниялар талаб энг юқори йўналишларга чипта нархини оширяпти. Айрим рейслар бошқа кунларга кўчирилмоқда. Экспертлар ёзги мавсумда вазият янада мураккаблашиши, саёҳатлар кечикиши, қисқа таътиллар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА