Йўл тартибни ёқтиради
Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат унинг равон йўллари ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ: Янгийўл туманидан ўтувчи Д022 "Нурафшон—Оққўрғон—Янгийўл" йўлининг 59-км.да жойлашган 1975 йилда қурилган авария ҳолатидаги кўприкка техноген омил ўз таъсирини кўрсатгани боис кўприк устида ҳаракатланиш тўхтатилган эди. Айни пайтда эксперт мутахассисларнинг тегишли хулосаси олиниб, таъмирлаш ишлари режа асосида бажарилмоқда. Қурилиш, реконсрукция ишлари икки ой муддатда тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Шунингдек, Бўка туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан туманда аҳоли гавжум ҳамда бозорлар олдида янги пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.


ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ: Урганчдан Хива томон атиги 4 километр масофада янги шаҳарча жойлашган. Агар диққат билан қаралса, унинг кўриниши Хиванинг ўзини эслатади, фақат кичрайтирилган шаклда. Бу янги “Арда Хива” туристик мажмуасидир. Мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2024 йилнинг кузида қуриб битказилган. Ҳудуднинг туризм имкониятларини кенгайтириш, сайёҳларга муносиб шароитларни яратишга қаратилган ишлар давом этмоқда. Бундай янги ислоҳотлар олиб боришда албатта йўл соҳасининг ҳам ўрни беқиёс. Мазкур туристик мажмуага олиб борувчи йўлларни равон қилиш мақсадида Хива шаҳар Минтақавий йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан йўлларни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Йўл тартибни ёқтиради, фуқароларнинг йўлларда қоидаларга амал қилиб ҳаракатланиши турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Аммо, шу ўринда бир нарсани ёдда тутиш лозимки, тартибга солинмаган, автомашиналар серқатнов кўчаларда оддийгина пиёдалар йўлаги ҳам жуда катта аҳамият касб этади.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ: Жиззах вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси томонидан Жиззах шаҳрида пиёдалар учун қурилаётган ерости йўлида ҳаракатлар жадал давом этмоқда. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинган лойиҳада тунеллар усти ёпилиб, йўналишдаги транспорт қатновига рухсат берилган. Айни пайтда ерости йўлларида таъмирлаш, тиклаш ва пардозлаш ишлари давом этмоқда. Иш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида кечаю-кундуз иш ташкил қилиниб, вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан етерли шароит ва зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда.

БУХОРО ВИЛОЯТИ: Бухоро вилоятининг энг чекка ва кенжа туманларидан ҳисобланган Қоровулбозор тумани қўшни Қашқадарё вилояти билан чегарадош. Ҳудуддан 58 км халқаро аҳамиятга эга йўл ўтган. Туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ўз тасарруфидаги 45 км давлат ҳамда 55 км маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда муассаса ишчи-ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларда ҳосил бўлган нуқсонларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Жондор туман марказида амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари доирасида ҳудуддан ўтувчи Д 076у "Жондор шаҳрига (289 км дан)" автомобиль йўли ёқасидаги 1 км нураган лотоклар янгисига алмаштирилмоқда. Айни пайтда туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан "Ғиждувон ДРСУ" МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган узунлиги 6 метрли 40 дона темир-бетон лоток ўрнатилди, яна 40 дона лоток олиб келиниши режалаштирилган.

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ: Наманган вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги корхоналар томонидан айни пайтда давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлида қатнов йўлининг зарарланган қисмларини бартараф этиш ишлари жадал тусда давом этмоқда.
Чуст туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан умумфойдаланувдаги Д 105д (4Р 112г) автомобиль йўлида, Поп туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан маҳаллий аҳамиятдаги 50В 059 (4К 481) “Хўжаобод қ. – Келачи қ. – Уйғур қ” автомобиль йўлининг зарарланган қисмларига асфальт босиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Наманган туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан Тўрақўрғон тумани ҳудудида жойлашган “Ахсикент” археологик ёдгорлигига олиб борувчи қисмида реконструкция ишлари давом этмоқда.

Хусусан, йўлсозлар томонидан давлат аҳамиятидаги Д 113 (4Р 120) “Исковот. қ–Косонсой. ш–Тўрақўрғон. ш–Жомашуй. ш– Улуғнор т.–А 373 а/й” автомобиль йўлининг 55–62-километрлари оралиғида йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириш, пиёдалар учун хавфсиз йўлак қуриш ишлари ҳамда йўл четига шағал тўкиб текислаш ишлари амалга оширилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА