Йўл қурилиши тараққиёт ва фаровонлик омили
Йўллар мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Сифатли йўллар транспорт ҳаракатини енгиллаштириб, вақт ва харажатларни тежашга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудудларнинг ўзаро боғланишини мустаҳкамлаб, савдо-сотиқ ва туризм ривожига кенг имконият яратади.
Кейинги йилларда юртимизда автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги замонавий технологиялар асосида барпо этилаётган йўллар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли учун қулайликлар яратмоқда. Айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги ички йўлларнинг яхшиланиши фуқароларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.
Йўл қурилиши жараёнида сифат ва мустаҳкамликка алоҳида эътибор берилаётгани янада аҳамиятли. Йўлларни бунёд этишда замонавий техника ва қурилиш материалларидан фойдаланилиши эса уларнинг узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлайди, албатта.
Навоий вилояти Нурота туманидаги “Ашраф” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1 гектар ер майдонида асфальт йўл қопламаси ишлаб чиқариш заводи ишга туширилганига 7 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида корхонанинг аҳил жамоаси томонидан туманнинг 164 километр масофасидаги йўллари равон бўлишига ҳисса қўшилиб, асфальт йўл қопламаси етказиб берилди.
– Умумий қиймати 3,75 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳамизнинг 1,7 миллиард сўми корхона ҳиссасига тўғри келса, қолган 1,3 миллиард сўми банк кредити саналади, – дейди “Ашраф” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳасан Соҳибов. – Бугунги кунда корхонамиз томонидан соатига 60 тонна, бир кунда эса 1,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхонамизда 33 нафар маҳаллий аҳолининг иш билан бандлиги таъминланган. Заводимиз нафақат Нурота тумани, балки Ғозғон шаҳри ҳудудидаги йўлларни асфальтлаштиришга ҳам муносиб улуш қўшиб келяпти.
Ушбу объект фаолиятининг йўлга қўйилиши Нурота тумани ҳудудида йўлсозлик соҳаси тараққиётига хизмат қилиб, бу борадаги харажатларнинг камайишини ҳам таъминламоқда. Сабаби, хомашё ҳам, тайёр маҳсулот ҳам энди шу ернинг ўзида. Асфальт тайёрлаш учун талаб этиладиган хомашё туманнинг “Чуя” ҳудудида жойлашган корхонага тегишли 10 гектар майдондаги карьердан олиб келинади.
Дарҳақиқат, йўл қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ишлар мамлакат тараққиёти, иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сифатли йўллар эса равнақ ва тараққиёт сари ишончли қадамдир.
Тажрибали тадбиркор Ҳасан Соҳибов бошқарувидаги қурилиш ва бунёдкорликка йўналтирилган тадбиркорлик тармоғи фаолият бошлаганига айни дамда 30 йил тўлди. Корхона кенг тармоқли бўлиб, нафақат йўлсозлик соҳаси, балки бунёдкорлик, қурилиш, ишлаб чиқариш йўналишларида ҳам самарали фаолият кўрсатиб келяпти.
Бугун корхона тизимидаги қурилиш-бунёдкорлик тармоқларида жами 154 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилишяпти.
[photobank-30050]
Корхона томонидан биргина 2025-2026 йиллар давомида Нурота туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси, Сойкечар қишлоғида 90-ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси, Ғозғон шаҳрида замонавий спорт зал, 6-умумтаълим мактабига қўшимча бино қурилди ҳамда 57 километр ички йўллар асфальтлаштирилди. Бу каби йирик лойиҳалар ва бунёдкорлик ишлари эса фидойи жамоа ҳамда 13 та замонавий техникалар ёрдамида амалга оширилди.
Айни пайтда ҳам Нурота туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижросида мазкур корхона жамоаси муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари